Республика Марказий кўзи ожизлар кутубхонаси томонидан «Умрбоқий асарлар соҳиби» мавзусида хотира тадбири ўтказилди
13-сентябр куни Республика Марказий кўзи ожизлар кутубхонаси ҳамда Учтепа туманидаги 238-умумтаълим мактаби кутубхонаси билан ҳамкорликда Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан буюк ёзувчи ижодига бағишланган “Умрбоқий асарлар соҳиби” мавзусида хотира тадбири ўтказилди. Президентимизнинг “Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори севимли адибимизнинг мухлислари, китобсевар халқимизни беҳад қувонтирди. Тадбирда иштирок этган ўқувчилар адиб қаламига мансуб асарларидан айниқса “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китоби хақида ўз фикрларини билдиришди.
“Шундай асар ёзсангки, китобхон уни ўқиганда ҳамма нарсани унутса. Асар қаҳрамонлари ҳаёти билан яшаса. Қувонса, изтироб чекса… Китобни ўқиб бўлган куни кечаси билан ухлолмай тўлғаниб чиқса… Вақти келиб, ўша китобни яна қўлига олганда қайтадан ҳаяжонга тушса… Ундан янги маънолар топса… Орзум – шу…” деб ёзган эди адиб. Назаримизда, у ўзи орзу қилгандек асарлар ярата олди. Улар китобхон синовидан аллақачонлар муваффақият билан ўтиб ўз мухлислари қалбидан жой олиб бўлди. Шунингдек, кутубхонанинг Фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш бўлими ўқув залида ёзувчининг энг сара асарлари асосида “Ижодкорлик – бу буюк қисмат” деб номланган кўргазма ташкил этилди.