Луи БРАЙЛЬ
БРАЙЛЬ, (Braille) Луи (1809.4.1, Кувре – 1852.6.1, Париж) – француз тифлопедагоги, кўрлар ёзувининг ихтирочиси. 3 ёшлигида кўр бўлиб қолган. Париждаги кўр болалар интернатида ўқитувчилик қилган. Ўз номи билан аталадиган ва ҳоз. вақтгача кўрларнинг бутун дунёда қўлланилаётган рельеф нуқтали шрифтини ишлаб чиққан. Б. шрифтида босилиб чиққан биринчи китоб “Франция тарихи”дир. (1837). Б. ҳарф ва рақамлардан ташқари худди шу принцип асосида нота ёзувини ҳам ишлаб чиққан. Л.Брайль истеъдодли мусиқачи бўлган, кўрларга мусиқадан дарс берган.
БРАЙЛЬ ШРИФТИ – бўртма-нуқталардан иборат шрифт. Кўзи ожизлар ўқиш ва ёзиши учун мўлжалланган. Л.Брайль томонидан яратилган Б.ш. асосида 6 нуқтани турли вазиятда уйғунлаштириш ётади. Ихтирочи лотин алифбосидаги ҳарфлар тартибини қабул қилган. Алифбонинг олдинги ҳарфларини белгилаш учун 6 нуқтанинг юқори ва ўрта нуқталаридан (расмга қаранг.) фойдаланилган. Кейинги ҳарфларни белгилаш учун қўш нуқталар чапдан, сўнг чап ва ўнгдан, ундан кейин ўнгдан қўшилган. Мазкур белгалар билан ўзбек-кирилл ва ўзбек-лотин ҳарфлари ҳам ифодаланган. 6 нуқтанинг турли ҳолатларги уйғунлашувидан сонлар, тиниш белгилари, мат., кимё ва нота белгиларинини ҳам ифодалаш мумкин.
Б. ш.да дастлабки китоб Францияда 1837 й. чоп этилган. Ўзбек-кирилл алифбоси ифодаланган Б. ш.да ўзбек ёзувчиларидан А.Қодирий (“Ўтган кунлар”) ва В.Ғафуров (“Вафодор” асарлари нашр қилинган.)