Сурхондарё вилояти кўзи ожизлар кутубхонаси томонидан “Ойбек – улкан адиб” мавзусида китобхонлар анжумани ўтказилди
2020 йилнинг 28-февраль куни вилоят кўзи ожизлар кутубхонасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллудининг 115 йиллиги муносабати билан адибнинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб “Ойбек – улкан адиб” мавзусида китобхонлар анжумани бўлиб ўтди.
Китобхонлар анжуманини кутубхона директори Н.Боймуродов кириш сўзи билан очиб берди.
Китобхонлар анжуманини кутубхонанинг услубият бўлими мудираси Д.Абирова сценарий асосида олиб борди.
Фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш бўлими мудираси Н.Мамадалиева “Ойбек улкан – адиб” мавзусидаги маърузани ўқиб эшиттирди. Тадбир давомида “Зиё” китобхонлар клуби аъзоларидан Н.Ибрагимова Ойбекнинг “Наъматак” шеърини, А.Холиқулова “Бойчечак” шеърини ҳамда М.Қурбонназарова “Ёр-ёр” ва “Пушкин” шеърларини мароқ билан айтиб беришди.
Китобхонлар анжуманида Ойбекнинг “Навоиий” романи асосида, «Зиё» китобхонлар клуби аъзолари томонидан саҳналаштирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Бундан ташқари китобхонлар анжуманида ўз даврининг буюк алломалари томонидан Ойбек ва унинг ҳаёт йўлига бағишланган шеърларидан ҳам наъмуналар ўқилди. Жумладан Ф.Худойқулова, М.Раҳмутуллаева ҳамда С.Абдунабиевалар томонидан ўқилган А.Орипов қаламига мансуб “Ойбек ҳақида қўшиқ”, О.Ҳожиева қаламига мансуб “Ойбек”, О.Матжон қаламига мансуб “Ойбек” ҳамда Б.Садриддиновнинг “Ойбекнинг ҳовлисида” шеърлари анжуманга кўтаринки руҳ бағишлади.
Китобхонлар анжуманида Р.Холматова, О.Жовлиева, етакчи кутубхоначи Ш.Қултўраевалар Ойбекнинг ижоди ва фаолияти унинг асарлари ҳақида қўйидагиларни айтиб ўтди: Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романи меҳнаткаш халққа меҳр-муҳаббат, тўғриликни, адолатни, пок севги-муҳаббатни улуғлаш ва ижтимоий зулмни қоралаш руҳи билан суғорилган. Меҳнаткаш халқ ижтимоий онгининг ўсиш жараёни очиб берилган. Йўлчи, Гулнор, Мирзакаримбой, Ёрмат, Шокир ота, Шоқосим, Ҳакимбойвачча, Салимбойвачча, Нури сингари жонли ва табиий образлар яратилган. Қомусий билимга эга бўлган бу буюк инсон ўз қиёфасида ўзбек маданиятининг бутун хусусиятини мужассамлантирган ва адабиёт, санъат, фаннинг турли соҳасида улкан ишлари билан ойбекона из қолдирган буюк сиймодир. У яратган маънавий хазина ғоявий-бадиий юксак, илмий пишиқ, кўпқиррали, ранг-баранг, олға-камолотга ундовчи қудрат ва ибрат тимсолидир. Ана шунинг учун ҳам Ойбек ижоди бўйича докторлик, ўнлаб номзодлик диссертациялари ёзилган, бир қатор йирик монографиялар нашр этилган дея ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Етакчи кутубхоначи Г.Ярназарова Ойбекнинг ижоди ва фаолиятига бағишлаб унинг асарлари ва матбуот нашларида эълон қилинган мақолалар иштирокида тузилган “Ойбек ўз халқининг ифтихоридир” номли китоб кўргазмасининг тавсиявий ва библиографик шарҳи билан китобхонларни таништириб ўтди.
Тадбирни кутубхона ишлари бўйича директор ўринбосари Ҳ.Исломқулов – Улуғ адиб, забардаст шоир, моҳир таржимон, олим ва жамоат арбоби Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек ўзидан назм ва наср гулшани хазинасида бебаҳо асарлар яратиб, халқимизга мерос қолдирган. Шунингдек, пойдевори пишиқ, остонаси мустаҳкам, меҳр ва муҳаббатли, садоқатли оиланинг бошлиғи, вафодор ёрнинг умр йўлдоши бўлган. Унинг умр йўлдоши Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Давлат мукофоти совриндори Зарифа Саидносирова. Ойбекнинг икки фарзанди Омонбек билан Гулранг фан номзоди, Суюнбек фан доктори, Бекжон Ўзбекистон Фанлар академиясининг академигидир. От изини той босар деганларидек, отанинг илмий ишларини фарзандлари давом эттирган ва давом эттирмоқдалар. Билимга бўлган изланишлар эса ота ва оналарининг вужуди билан қондан ўтган десак хато қилмаймиз дея китобхонлар анжуманини якунлади.