Сурхондарё вилояти кўзи ожизлар кутубхонаси томонидан “Вафо ва садоқат куйчиси” мавзусидаги шеърият кечаси ўтказилди
2020 йилнинг 29-февраль куни вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси ўқув залида Ўзбекистон халқ шоираси, меҳнат қаҳрамони Зулфия таваллудининг 105 йиллигига бағишлаб “Вафо ва садоқат куйчиси” мавзусида шеърият кечаси бўлиб ўтди.
Шеърият кечасини кутубхона директори Н.Боймуродов кириш сўзи билан очиб берди.
Тадбирни Термиз Давлат Университети талабаси М.Пардаева сценарий асосида олиб борди.
Шеърият кечаси давомида “Зиё” китобхонлар клуби аъзоларидан М.Раҳматуллаева томонидан маҳорат билан ўқилган Зулфия қаламига мансуб “Баҳор келди сени сўроқлаб”, А.Холиқулова томонидан ўқилган “Ҳижрон кунларида”, Ф.Худойқулова томонидан ўқилган “Сен қайдасан, юрагим” шеърлари ҳамда Н.Ибрагимова томонидан маҳорат билан ўқилган “Кўрганмидинг кўзларимда ёш” шеърлари шеърият кечаси файзига-файз бағишлади.
Бундан ташқари фаол китобхонлардан Ҳ.Ҳудойқулов ва З.Қурбоновлар ижросида Зулфия сўзи билан айтилган қўшиқлар, “Зиё” китобхонлар клуби аъзолари томонидан ижро этилган дилтортар куй-қўшиқлар шеърият кечасига йиғилганларда катта таассуротлар қолдирди.
Шеърият кечасида Н.Ибрагимова, М.Қурбонова, М.Пардаева, А.Ҳолиқовалар томонидан Зулфияхоним ҳаёти ва ижодини акс эттирувчи кичик саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Шеърият кечаси давомида кутубхоначи Н.Азизова томонидан “Вафо ва садоқат куйчиси” номли китоб кўргазмасининг тавсиявий ва библиографик шарҳлари китобхонларга тақдим этилди.
Тадбир якунида тадбирда фаол иштирок этган китобхонлардан М.Қурбонназарова, М.Қурбонова, З.Қурбонов, Н.Ибрагимова ҳамда М.Пардаевалар кутубхона маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқ ва эсталик совғалари билан тақдирланди.